Рақамли тиббиёт: IT ҳамширалар тиббий хизмат сифатини янги босқичга олиб чиқмоқда

Рақамли тиббиёт: IT ҳамширалар тиббий хизмат сифатини янги босқичга олиб чиқмоқда

🔴SARHISOB

❗️Рақамли тиббиёт: IT ҳамширалар тиббий хизмат сифатини янги босқичга олиб чиқмоқда

⌨️ Рақамлаштириш асрида барча соҳалар қатори соғлиқни сақлаш тизимига ҳам замонавий ахборот технологиялари шиддат билан кириб келмоқда.
  
🔗 Натижада тиббиётда янги ихтисосликлар пайдо бўляпти, ташхис ва даволаш, тадқиқотлар ўтказиш ва таҳлил қилиш, мутахассислар малакасини ошириш сифати ортяпти. Вақт сарфи ва меҳнат харажатлари камаймоқда.

📋 Хусусан, Президентимизнинг 2021 йил 25 майдаги тегишли қарорига асосан оилавий поликлиника ҳамда туман (шаҳар) кўп тармоқли марказий поликлиникаларида, вилоят ва республика даволаш-профилактика муассасаларида электрон тизим асосида ишлайдиган IT оператор-ҳамшираси лавозими жорий қилинди.

🩺IT оператор-ҳамшираси – бу тиббиёт ва юқори технологияли дастурий таъминот бўйича билим-кўникмаларга эга, фаолиятида айни икки соҳани уйғун олиб борувчи инновацион касб. Ҳозирда бемор қабулидан тортиб, лаборатор таҳлиллар, рентген натижалари, даволаш режаси, дорилар буюртмаси, кузатув карталари — ҳамма-ҳаммаси электрон шаклга ўтказилган бир шароитда бу мутахассиснинг тиббий ташкилотдаги ўрни жуда муҳим.

⬇️ IT оператор-ҳамширалари қуйидаги вазифаларни амалга оширади:

🟢 электрон соғлиқни сақлаш ахборот тизимлари билан ишлайди;

🟢 беморлар тўғрисидаги маълумотларни электрон базага киритиш, янгилаш ва назорат қилиш билан шуғулланади;

🟢 шифокорлар, ҳамширалар ва бошқа тиббий ходимларга ахборот тизимларидан фойдаланишда техник ёрдам кўрсатади;

🟢 турли статистик маълумотлар ва ҳисоботларнинг электрон тизимда тўғри юритилишини таъминлайди;

🟢 техник носозликлар юзага келганда, рақамлаштиришга масъул мутахассисларга хабар беради;

🟢 ахборот хавфсизлиги ва беморларнинг шахсий маълумотлари махфийлигини сақлаш қоидаларига риоя қилади;

🟢 рақамли тиббиёт инфратузилмасининг барқарор ишлашида иштирок этади;

🟢 IT йўналишидаги янги дастурлар ва янгиланишларни ўзлаштириб, уларни бошқа тиббий ходимларга тушунтириб боради.
  
🔬 IT-оператор ҳамшираси клиник жараённинг ҳам фаол иштирокчиси саналади. Рентген ва КТ (Компьютер томография) натижаларини тизимга улаш, таҳлил натижалари кечикса, шифокорни огоҳлантириш, беморнинг дори қабул қилиш режими назоратини олиб бориш, янги ташхис ва даволаш босқичларини тизимга вақтида киритиш ишлари унинг зиммасида.

⬇️ Бемор тўғрисидаги тиббий маълумотларнинг махфийлигини таъминлаш учун IT-оператор ҳамшираси:

✔️ паролларни учинчи шахсга бермаслиги;
✔️ компьютердан узоқлашганда экранни блоклаш;
✔️ беморнинг тиббий маълумотларини оила аъзоларига, фақат рухсат бўлса, бериш;
✔️ маълумотларни ижтимоий тармоқларда тарқатмаслик;
✔️ махфийлик бўйича барча ички кўрсатмаларга амал қилиши керак. Акс ҳолда нафақат интизомий, балки қонуний жавобгарликка тортилиши мумкин.
  
📌 Ушбу лавозимда компьютер техникаси хизмати бўйича тажрибанинг мавжудлиги ҳамширага устама белгилашда устунлик беради.

🔎 Ўрганишлар шуни кўрсатадики, IT-оператор ҳамширалар фаолияти йўлга қўйилгач, тиббиёт ташкилотларида рақамли инфратузилмадан тортиб, тиббиёт ходимларининг ахборот тизимларидан фойдаланиш натижадорлиги сезиларли даражада ошди. Бошқача айтганда, ҳар бир тиббиёт ташкилотининг самарадорлик кўрсаткичи ўртача 90 фоизга етди.

♾ Буни тиббий ходимларнинг техник юкламаси камайиб, вақтини кўпроқ беморлар билан ишлашга йўналтиргани, клиник қарорлар қабул қилиш сифати ортгани, қоғоз ҳужжатлар ҳажми, хатоликлар ва такрорий маълумот киритиш ҳолатлари қисқаргани, иш жараёни узлуксизлиги кафолатлангани мисолида кўриш мумкин. 

‼️Маълумот учун: Айни пайтда республика бўйлаб тиббий муассасаларда 2 минг 500 нафардан ортиқ IT-оператор ҳамширалар фаолият юритмоқда.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Матбуот хизмати.
22-12-2025, 09:21
Sahifaga qaytish